+998 (71) 200-88-22

    Пинг Понг ва Green City сайли

    16 Май 2017
    Сайилга чиқиш, байрам кайфиятида бўлиш ва одамларнинг бир кунини мазмунли ўтказиш учун уйдан ташқарида бўлиш шартми? Йўқ, деб жавоб бергандек таассурот қолдирди Murad Buildings. Хўш, қандай қилиб?
     
    Чилонзор туманида барпо этилган Green City уй-жой мажмуаси 14 май, якшанба куни ўз бағрида Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган ва шаҳримизда меҳмон бўлаётган кишиларни жам этди. Сиз бунда Murad Buildings бунёд қилган гўзалликдан баҳраманд бўлибгина қолмай, балки пинг понгда ўз омадингизни синаб кўришингиз ҳам мумкин эди.
     
    Адашмадингиз, бу бизда стол тенниси номи билан танилган ўша машҳур спорт тури. Деярли ҳар биримиз бир марта бўлса-да, кичик ракеткада шарчага зарба бериб кўрганмиз. Murad Buildings мана шундай муваффақиятли зарбалар эвазига қимматбаҳо совғаларни ваъда қилди. Энг асосийси, барчадан устун келган омадли чемпион замонавий болалар майдончасининг эгаси бўлиш имкониятини тақдим этди.
     
    Green City’нинг ҳовлисида шу куни 20 та теннис столи ўрнатилди. Уларнинг тенг ярми ташриф буюрувчилар кўнглини олиш учун хизмат қилди. Қолган ярмида эса Murad Buildings мусобақасида иштирок этиш истагани билдирган 256 ҳаваскор чемпионлик учун кураш олиб борди.
     
    Нега айнан стол теннисини танлаб олдик? Чунки уни исталган одам ўйнаши мумкин. Мақсадимиз ҳам атрофимизга профессионал спортчиларни эмас, айнан ҳаваскор иштирокчиларни йиғиш эди ва биз бунга муваффақ бўлдик. Келгусида шахмат бўйича ҳам турнир ташкил қилиш режамизда бор. Унда ҳам ҳар қандай қизиқувчи бемалол иштирок этиши учун шароит яратиб беришни ният қилганмиз.
     
    Мурод Назаров, Murad Buildings асосчиси ва раҳбари.
     
    Ташкилотчилар ўз ваъдасида турди ва стол теннисининг профессионал усталарини эмас, айнан оддий ҳаваскорларни турнирга жалб қилди. Ўйинларни назорат қилиш, ҳакамлик ишларига жавоб бериш ва умуман ҳаваскор иштирокчиларга далда бўлиш мақсадида Murad Buildings Ўзбекистон Стол тенниси федерацияси билан ҳамкорлик қилди. Шу куни мамлакат терма жамоаси катта мураббийидан тортиб, ташкилот мутахассисларига қадар Green City майдонида ҳозир бўлди.
     
    Murad Buildings вакиллари федерацияга келиб, стол тенниси бўйича турнир ўтказиш таклифини беришди ва биз ҳам бу ишга бажон-у дил рози бўлдик. Чунки одатда оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш учун катта маблағ керак деб айтишади. Аслида эса гап фақатгина пулда эмас, шунчаки уни қандай ташкил қилишни билиш керак. Биз кўряпмизки, Murad Buildings вакиллари шундай даражага чиқиб улгурган. Чунки бугун одамлар фақатгина стол тенниси ўйнаш билан чекланмади, бугун улар учун ҳақиқий байрам уюштирилди.
     
    Саида Маҳмудова, стол теннис бўйича Ўзбекистон термаси катта мураббийи.
     
    Ҳал қилувчи ўйинда 25 ёшли Азизбек Мамасодиқов 62 ёшни қарши олган ва шу куни кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган Николай Кудрявцев иштирок этди. Сирғали даҳасида яшовчи нуроний турнирда ғолиб чиқса, Murad Buildings совға қиладиган замонавий болалар майдончасини набираларига совға қилишни ният қилганди. Аммо ҳал қилувчи ўйинда омад ТТЗ 4 даҳасидан ташриф буюрган Азизбек Мамасодиқовга кулиб боқди. Николай Кудрявцев эса 256 нафар иштирокчи орасидан финалга етиб келгани Green City меҳмонларининг олқишига сазовор бўлди. Ғолиб истагига биноан, энди Murad Buildings Green City’дагиси каби замонавий болалар майдончасини унинг маҳалласида қуриб беради.
     
    256 ҳаваскор орасидан тўрт нафар омадлилар ярим финалга қадар етиб келди: Азизбек Мамасодиқов, Зариф Бегулов, Умар Абдуллаев ва Николай Кудрявцев. Уларнинг ҳар бири Samsung Galaxy A5 смартфонига эга чиқди. Асосий соврин ҳали олдинда бўлиб, бунинг учун мусобақада ғолиб чиқиш талаб этиларди.
     
    KDB банкида фаолият олиб бораман. Ҳамкасбим Murad Buildings стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилаётгани ҳақида айтиб қолди. Facebook орқали унда иштирок этиш шартларидан воқиф бўлдим. Шунчаки қизиқиш сабаб, маҳалладаги дўстларим билан стол тенниси ўйнаб турардик.
     
    Тўғрисини айтсам, ғолиб чиқиш хаёлимга ҳам келмаганди. Энди эса ўзим истиқомат қиладиган ТТЗ 4 даҳасида болалар учун майдонча қуриб беришларига сабабчи бўлиб турганимдан бахтиёрман. Бу худди тушга ўхшайди.
     
    Азизбек Мамасодиқов, Murad Buildings турнири ғолиби.
     
    Замонавий мусиқа, одамларнинг бир-бирига бўлган дўстона ва самимий муносабати, болалар юзидаги бахт, ташриф буюрувчилар учун тақдим этилган салқин ичимликлар ҳамда десертлар майнинг серқуёш якшанбасида Green City меҳмонларига ҳамроҳлик қилди.
     
    Биз бахт улашамиз, бахт макони қурамиз. Одамларларга қувонч ва шодлик улашиши мумкин бўлган байрамларни, лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳозир кўряпмизки, меҳмонлар юзида табассум, дилларида хотиржамлик ва кўзларида бахт намоён. Murad Buildings истайдиган нарса ҳам аслида мана шу.
     
    Мурод Назаров, Murad Buildings асосчиси ва раҳбари.
     
    Murad Buildings фақатгина Тошкент шаҳри билан чекланиб қолмоқчи эмас. Ўз ишига профессионал ёндошуви ва барпо этган гўзал боғлари билан шаҳарликлар кўнглини ола билган компания, тез орада қамровини кенгайтиради ва шаҳар ташқарисида ҳам уйлар бунёд этади.
     
    Биз шу вақтгача ўсдик, ўргандик. Green City мажмуаси 1 гектар ерда бунёд этилган. Негаки, унинг атрофида истироҳат боғлари, стадионлар, супермаркетдан тортиб, клиникаларга қадар етарли.
     
    Келаси йилдан эса биз шаҳар ташқарисида микрораёнлар қуришга ҳаракат қиламиз. Бунда ер майдони 15, балки 20 гектарни ташкил қилиши мумкин. Унинг ичида Murad Buildings уйларидан ташқари, поликлиника, клиника, бассейн, спорт майдонлари, фитнесс клублар, супермаркет ва одамлар учун керакли бўлган бошқа қулайликлар яратилади.
     
    Нега айнан шундай? Чунки биз одамлар шаҳарга ўз шахсий юмушлари, зарур ишлари учунгина ташриф буюришларини таъминлаб, қолган қулайликларнинг барчасини ўз мажмуаларидан топа олишларига имконият яратишни истаймиз.
     
    Мурод Назаров, Murad Buildings асосчиси ва раҳбари.
     
    Murad Buildings’ни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг ва у ташкил қиладиган сайиллардан четда қолманг!
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     

    Менга қўнғироқ
    қилинг

    Агар робот бўлмасангиз, сирғалгични ўнгга олиб боринг
    Блокланган
    Блокдан чиқарилган

    Директорга ёзиш